Янгиликлар

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, фуқароларни ушбу вирусдан ҳимоялаш мақсадида Марказий банк аҳолига банк хизматларидан фойдаланиш чоғида қуйидагиларни тавсия этади.

 

I. Аҳоли ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан банк бўлинмаларига бевосита ташриф буюрган ҳолда жорий тўловларни амалга ошириш ҳолатларини камайтириш мақсадида барча шахслардан тўловларни амалга оширишда имкон қадар банкнинг масофий хизмат кўрсатиш усулларидан, жумладан, интернет-банкинг, банкларнинг мобиль иловаларидан ҳамда тўлов ташкилотлари дастурларидан кенг фойдаланиш сўралади.

 

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, тўловларни амалга оширишда нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкин.

 

Шу боис банк карталаридан ёки муқобил электрон тўлов турларидан фойдаланиш тавсия этилади. Бунда тўловларни контактсиз амалга оширилиши янада хавфсиз ҳисобланади.

 

II. Аҳолига валюта-айирбошлаш операцияларини амалга оширишда қулай шарт-шароит яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан тегишли банк инфратузилмалари яратилган. Хусусан, республика ҳудудида қарийб 700 та (тез орада уларнинг сонини 1 000 тадан ошириш режалаштирилган) автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари, шунингдек, масофадан туриб валюта айирбошлаш имконини берувчи мобиль иловалар фаолияти йўлга қўйилган.

 

Фуқаролар банкларга бевосита мурожаат қилмасдан мобиль иловалар орқали масофадан туриб ёки автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари ёрдамида валюта айирбошлаш операцияларини куну тун режимида амалга ошириш имкониятлари мавжуд.

 

Жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари одатий иш вақти режимида (соат 18:00 гача) фаолият юритиши таъминланади. Иш вақтидан ташқари, шу жумладан, дам олиш ва байрам кунлари автоматлаштирилган банкоматлар ва мобиль иловалардан фойдаланган ҳолда, валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш мумкинлиги маълум қилинади.

 

Банк хизматларини амалга ошириш бўйича саволлар юзасидан бевосита тижорат банкларининг ёки Марказий банкнинг 71 200-00-44 рақамли «Ишонч телефони»га мурожаат этиш мумкин.