Янгиликлар

2019 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан 818 миллион доллар пул жўнатилган. Россия Марказий банки тарқатган маълумотларга кўра, шундан 340 миллион доллари (42 фоизи) Россия фуқаролари томонидан юборилган.

Таққослаш учун, 2018 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан 726 миллион доллар юборилган (шундан 27 фоизи Россия фуқаролари томонидан) эди.

Идора маълумотларига кўра, ҳисобот даврида Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган пул миқдори ўртача 349 долларни ташкил қилган.

2019 йилда Ўзбекистондан Россияга пул ўтказиш ҳажми сезиларли пасайган — бу йил Ўзбекистондан Россияга фақат 75 миллион ўтказилган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистондан Россияга 103 миллион юборилганди.

Ўзбекистон Россиядан пул ўтказмалари бўйича иккинчи ўринни эгаллаган. Биринчи ўринда Швейцария қайд этилган — 1,3 миллиард доллар. Бундан ташқари, йилнинг биринчи чорагида Россиядан Тожикистонга 462 миллион доллар, Қирғизистонга – 453 миллион доллар, Арманистонга – 194 миллион доллар, Қозоғистонга эса 137 миллион доллар пул ўтказилган.

Маълумот учун, 2018 йил якунларига кўра, Россиядан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан салкам 4 миллиард доллар ўтказилган эди.