Янгиликлар

Манба: cbu.uz

2019 йилнинг I чорагида макроиқтисодий ҳолат Марказий банкнинг асосий прогнозларига мос равишда шаклланди. Ялпи ички махсулотнинг реал ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (5,1 фоиз) жадаллашиб, 5,3 фоизни ташкил этди.

Мазкур даврда иқтисодий ўсишнинг асосий “драйверлари” ўтган йилларда бўлгани каби банклар томонидан кредитлаш фаоллигининг ошиши ҳамда ўрта даражадаги юмшоқ солиқ-бюджет сиёсатининг юритилиши ҳисобига асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг юкори даражада ўсганлиги (2018 йилнинг шу даврига нисбатан 29,3 фоизга кўп), шунингдек, аҳоли даромадлари ўсишининг давом этиши каби омиллар бўлди.

Таклиф омиллари томондан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг 6,8 фоизга ошиши, шу жумладан, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг – 18,3 фоизга, қурилиш ишларининг – 5,9 фоизга ва хизматлар кўрсатишнинг – 11,1 фоизга ошиши ялпи ички маҳсулот ўсишига асосий ҳисса қўшди.