Янгиликлар

Манба: cbu.uz

Марказий банк Бошқарувининг 2019 йил 20 апрелдаги йиғилишида қайта молиялаш ставкасийиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Ушбу қарор пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлаш ва инфляцион кутилмаларнинг пасаювчи трендини қўллаб-қувватлашга қаратилган жорий шароитларини сақлаб қолиш заруриятига асосланди.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2019 йилнинг I чораги якунларига кўра, йиллик инфляция даражаси Марказий банкнинг асосий прогноз коридорининг (13,5-15,5 фоиз) қуйи чегарасида шаклланиб, 13,6 фоизни ташкил этди. Бунда, йиллик инфляция динамикаси 2018 йилнинг I чорагидан фарқли равишда бироз ўсувчи тенденцияни намойиш этди.

Умуман олганда, 2019 йилнинг I чорагида инфляция даражаси айрим озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи қисқариши каби мавсумий омиллар? шунингдек, тартибга солинадиган нархларнинг 2018 йил ноябрдаги оширилиши, кредитлашнинг юқори суръатлари сақланиб қолиши, ҚҚС базасининг кенгайтирилиши ҳамда миллий валютанинг нисбатан қадрсизланиши таъсири натижасида шаклланиб, кутилган даражадан пастроқ бўлди.

Ушбу даврда 2019 йил учун базавий прогнозда келтирилган хатарларни  рўёбга чиқиш эҳтимоллари пасайиб, айрим хатарларнинг таъсир даражаси камайган бўлса-да, бироқ уларнинг таъсир муддатлари узайди.

Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини солиққа тортиш механизмининг ўзгариши ҳамда 2018 йил ноябрь ойида энергия ресурслари тарифлари ошиши ички нархларда тўлиқ ўз аксини топмади ва ушбу жараён  катта эҳтимол билан маълум бир вақт давом этади.

Ўтган йиллардаги каби инфляцияни оширувчи асосий омил озиқ-овқат нархларининг ўсиши бўлиб, унинг чораклик инфляцияга қўшган ҳиссаси 2,8 фоиз бандни ташкил этди. Шу билан бирга, инфляцияга ноозиқ-овқат товарлари нархларининг таъсири ҳиссаси 1 фоиз бандгача пасайди, хизматлар ҳиссаси эса 0,5 фоиз бандни ташкил этди.

2019 йилнинг I чорагида инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлиши, ички бозорда товар ва хизматлар таклифининг ўсиши, шунингдек, миллий валюта алмашув курсининг нисбатан барқарорлиги   қисқа ва ўрта муддатли инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилди.

Хусусан, аҳоли ва бизнес субъектларининг инфляцион кутилмалари, январь ойидаги ўсишдан кейин камайиб борувчи трендни намойиш этди. Шу билан бирга, ўрта муддатли инфляцион кутилмалар индекси кўрсаткичлари қисқа муддатли инфляцион кутилмаларникига нисбатан юқори бўлди. Бу ўз навбатида, респондентлар орасида ўрта муддатли истиқболда нархларнинг ўсишига оид хавотирлари сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Иқтисодий фаолликнинг ички ва ташқи шароитлари. 2019 йилнинг I чорагидаги макроиқтисодий ҳолат Марказий банкнинг базавий прогнозларига мувофиқ тарзда шаклланди. Иқтисодиётда юқори ишлаб чиқариш ва инвестицион фаоллик сақланиб қолди.

Бундай ҳолат, ўз навбатида кредитлашнинг юқори даражада сақланиб қолаётганлиги ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари даромадларининг ошиб бораётганлиги билан биргаликда ички бозорда маълум бир инфляцион босимни вужудга келтирди. Айни пайтда, 2016-2018 йилларда иқтисодиётда инвестициялар ҳажмларининг жадал суръатларда ортиши ҳисобига истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайиши нархлар шаклланишига пасайтирувчи таъсир кўрсатди.

Охирги икки йил давомида тузилмавий ислоҳотларнинг иқтисодий ўсишга, жумладан ишлаб чиқариш унумдорлиги ошишига қўшган ҳиссасининг ортиши кузатилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу омил солиқ ислоҳотлари шароитида нархлар барқарорлиги таъминланишига ижобий таъсир кўрсатди.

Ушбу даврда, иқтисодиётда жамғариш кайфияти сақланиб қолди ва аҳоли ҳамда юридик шахсларнинг муддатли депозитлари юқори суръатларда ўсди. 2019 йилнинг I чорагида,  жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари 19,2 фоизга, юридик шахсларники эса 13,2 фоизга ошди.

Пул-кредит шароитлари. Марказий банк томонидан мўътадил қатъий пул-кредит сиёсати юритилиши ва пруденциал назорат чораларининг самарали қўлланилиши миллий валютада кредитлашнинг кескин ўсишини олдини олишга ёрдам берди ва шу орқали инфляциянинг монетар омиллари таъсирини камайтирди.

2019 йил I чорагида иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғи 9 фоизга ўсди (ўтган йилнинг мос даврида 9,3 фоизга ўсган). Бунда, миллий валютада кредит қўйилмалари ўсиш суръати 2018 йилнинг I чорагидаги кўрсаткич (16,7 фоиз)га нисбатан қарийб 2 мартагача, яъни 8,6 фоизгача секинлашди.

Тижорат банклари томонидан халқаро молия институтлари кредит линияларини жалб қилиш амалиётининг фаоллашуви, шунингдек, экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган техник ва инвестицион ривожланиш жараёнлари давом этиши натижасида хорижий валютадаги кредитлар қолдиғининг 8,7 фоизга ошиши кузатилди (ўтган йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 4,5 фоизни ташкил этган). Бунда, умумий кредит портфелидаги хорижий валютадаги кредитлар улуши 54,5 фоизни ташкил этди.

Иқтисодиётда хорижий валютадаги қарз юкининг ўсиши, ўз навбатида, келгусида ташқи шокларнинг молиявий барқарорликка салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида макропруденциал сиёсат чораларини қўллаш заруратини туғдирмоқда.

Бундан ташқари, технология ва ускуналар импортининг жорий ҳажмлари ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши муҳим ҳисобланади.

Марказий банкнинг ички валюта бозорига интервенцияларининг белгиланган миқдорлар доирасида бўлиши, давлат қимматли қоғозларининг ички бозорга муваффақиятли жойлаштирилиши, шунингдек, Марказий банкнинг депозит аукционлари ўтказилиши банк тизимидаги ортиқча ликвидликни стерилизация қилиш имконини бериб, иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкаларини қўллаб-қувватловчи омил бўлди.

Ушбу даврда, банклараро пул бозорининг фоиз ставкалари нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 14,6-14,7 фоизни ташкил этди.

Прогноз ва асосий хатарлар. Марказий банк 2019 йил учун инфляциянинг базавий прогнозини 13,5-15,5 фоизлик даражада сақлаб қолади.

2019 йилнинг II ва III чоракларида ўртача ойлик инфляция даражаси ўтган йилги кўрсаткичлар доирасида бўлиб, йиллик инфляция даражасининг сезиларли даражада пасайиши кутилмаяпти.

Шу билан бирга, ўтган йилнинг IV чорагидаги инфляциянинг юқори базаси ва жорий иқтисодий ҳолатлардан келиб чиқиб 2019 йилнинг IV чорагида йиллик инфляция даражасининг пасайиши кутилмоқда. Йил якунида инфляция даражаси қуйидаги хатарларнинг амалга ошиш эҳтимоллигидан келиб чиқиб прогноз коридорининг қўйи чегарасида бўлади:

- жорий йилда маъмурий тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш сиёсатининг давом эттирилиши кутилаётганлиги билан бирга, 2018 йилнинг ноябрь ойидаги нархлар оширилишининг иккиламчи таъсири;

- тадбиркорлик учун базавий иқтисодий шароитларнинг ўзгариши (масалан, алоҳида ишлаб чиқарувчилар гуруҳларининг энергия ресурсларидан фойдаланиш имкониятларидаги ўзгаришлар);

- хизматлар, жумладан, коммунал хизматлар тарифларининг индексацияси;

- инвестицион талабнинг, жумладан, қурилиш молларига бўлган талабнинг ошиши.

Инфляция даражасининг пасайиши бўйича қатъий ишонч шаклланган шароитда Марказий банк 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича инфляция прогнозини қайта кўриб чиқиши мумкин.

(Қайта молиялаш ставкасини қайта кўриб чиқиш юзасидан Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2019 йилнинг 20 июлига мўлжалланган.)