Янгиликлар

Марказий банкнинг республика олтин-валюта захиралари тўғрисида берган охирги маълумотига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари камайди.

Ялпи олтин-валюта захиралари 26,4 млрд долларни ташкил этди (сентябрда 26,8 млрд доллар эди). Улардан хорижий валютадаги активлар - 12,4 млрд доллар (бир ой аввал 12,9 млрд доллар бўлган), монетар олтин - 13,9 млрд доллар (сентябрда 13,9 млрд доллар бўлган).

Соф олтин-валюта захиралари 25,4 млрд долларга тенг бўлиб турибди (бир ой аввал 25,9 млрд доллар бўлган).

Марказий банк изоҳига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида олтин-валюта захираларининг пасайиши олтин нархининг 1296,50дан 1183,50 долл/тр. унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди.

Хўш, олтин-валюта захиралари ўзи нима ва унинг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни қандай?

Давлатнинг расмий захираси

Олтин-валюта захиралари давлатнинг юқори ликвидлиги билан ажралиб турувчи активларидир. Улар махсус давлат структуралари (давлат ғазнаси ва марказий банклари, АҚШда Федерал захира тизими) томонидан назорат қилинади. 

Оддий сўз билан айтганда, олтин-валюта захиралари давлатнинг олтин ва бошқа мамлакатлар валюталаридаги расмий захирасидир.  

Олтин-валюта захиралари нималардан ташкил топади?

- Олтин-валюта захиралари қимматбаҳо металлар (қуйма олтин, танга, платина, палладий, кумуш) ва қимматбаҳо тошлардан;

- давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки япон иенаси, фунт-стерлинг);

- ХВЖ (Халқаро валюта жамғармаси) чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Бу пул бирликлари моддий жиҳатдан мавжуд бўлмайди. Бу воситалар ҳукуматнинг махсус ҳисобларида ёзилган бўлади. Улардан халқаро қарзларни узишда, миллий валюта курсини тўғрилашда, ХВЖ билан ҳисоб-китобларда фойдаланилади.

Шунингдек, ХВЖдаги захира позицияси ҳам мавжуд бўлиб, бу захира миқдори мамлакатнинг ХВЖга кираётганида тўлаган бадал пули миқдорига тенг бўлади. Агарда ХВЖнинг бирор аъзоси пулга муҳтож бўлиб қолса, ХВЖ унга молиявий ёрдам сифатида ўша бадал пулини қайтариб беради. 

Олтин-валюта захираларини нималарга сарфлаш мумкин?

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

- мамлакатнинг тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;

- инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олишга;

- давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;

- давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва бошқалар учун.

Олтин-валюта захиралари қандай шакллантирилади?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис, олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакат олтин-валюта захиралари муомаладаги пул миқдоридан сезиларли даражада кўпроқ бўлиши керак. Бу захиралар ташқи қарзларни қайтаришга ва уч ой давомида импорт маҳсулотларни олиб киришга етиши лозим.

Катта миқдордаги олтин-валюта захираларига эга бўлган йирик давлатлар деярли ҳеч нарсани хорижий банклар ҳисоб рақамларида сақламайди. Улар пул воситалари мамлакат ичида бўлишини ва ишлашини маъқул кўришади.

Олтин-валюта захираларидан фойдаланиш ва бошқариш уч хил тарзда амалга оширилиши мумкин.

Захираларнинг эгаси Ғазна ёки Молия вазирлиги ҳисобланади. Олтин-валюта захираларидан қандай фойдаланишни улар ҳал қилади. Марказий банк уларнинг топшириғини бажаради холос. Бундай механизм Буюк Британияда йўлга қўйилган. 

Марказий банк олтин-валюта захираларининг ягона эгаси бўлади. Захираларни шакллантириш ва ундан қандай фойдаланишни Марказий банк белгилайди. Германия ва Францияда мана шу модел амал қилади.

Олтин-валюта захираларига эгалик қилиш ва бошқариш ваколатлари Марказий банк ва Ғазна/Молия вазирлиги ўртасида тақсимланади. Бундай тизим Россия, Япония, АҚШда жорий этилган.

Қайси давлатлар энг кўп олтин-валюта захираларига эга?

Дунёда олтин-валюта захиралари миқдори бўйича Хитой биринчи ўринда туради. 2018 йил сентябрь ойи ҳолатига кўра, бу давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори 3087 млрд долларни ташкил этади. Иккинчи ўринда Япония (1259,6 млрд доллар), учинчи ўринда Швейцария (800,4 млрд доллар) туради. Кейинги ўринларда Европа иттифоқи (786,3 млрд доллар), Саудия Арабистони (504,5 млрд доллар), Тайвань (460,4 млрд доллар), Россия (459,2) млрд доллар, Ҳонгконг (426,4 млрд доллар), Жанубий Корея (403 млрд доллар), Ҳиндистон (399,6 млрд доллар), Бразилия (380,6 млрд доллар) ва Сингапур (291,3 млрд доллар) жойлашган.

Бу давлатлар бутун дунёдаги олтин-валюта захираларининг қарийб 75 фоизини сақлайди.

Олтин-валюта захиралари давлатга нима беради?

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширишини кафолатлайди.

Давлат захиралари билан таъминлаш қатор вазифаларни амалга ошириш имконини беради. Улар жумласига мамлакат валютасини қўллаб-қувватлаш, давлат сиёсатига ишончни сақлаб туриш, пул-кредит воситаларини бошқариш, инқирозли вазиятларда карахтликка тушиб қолмаслик, мамлакатнинг ишончлилик рейтингини ушлаб туриш кабилар киради.

Миллий валютаси девальвацияга учраши хавфи юқори бўлган мамлакатлар олтин-валюта захираларини барқарор даражада ушлаб туриши лозим. Давлатнинг олтин ва валюта захиралари кескин камайиши иқтисодий пасайишни келтириб чиқариши мумкин.