Янгиликлар

Манба: cbu.uz

Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини 2018 йилнинг 25 сентябридан 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур қарор сўнгги ойларда юзага келган ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда қабул қилиниб, инфляцион кутилмаларнинг ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучаяётган шароитларда инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган.

Йиллик инфляция суръатларининг секинлашиб боришига қарамасдан, инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу динамиканинг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши мазкур хатарларни ҳамда инфляцион кутилмаларни пасайишига хизмат қилади.