Янгиликлар

Мухим!

Мамлакат ҳудудида воситачилик (комиссия) шартномаси асосида чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш

Мамлакат ҳудудида воситачилик (комиссия) шартномаси асосида чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланади, халқаро тажрибага мувофиқ халқаро тўлов карталари орқали тўловлар бундан мустасно.

Шу билан бирга, ушбу Фармон билан товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши тартиби ўрнатилган.

Ўзбекистон Республикасининг«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддаси 2-қисмига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасида ҳисоб-китоб ва тўловларни амалга ошириш норезидентлар билан товарларни бошқага ўтказиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш ва уларни бажариш билан боғлиқ хизматлар комиссионерлар (агентлар) томонидан кўрсатилаётганда комиссионерлар (агентлар) ва комитентлар (принципаллар) ўртасида амалга ошириладиган операцияларда йўл қўйилади.

Шу билан бирга, Фуқаролик Кодексининг 832-моддасига биноан воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида комиссионерлар (агентлар) ва комитентлар (принципаллар) ўртасида чет эл валютасида маблағларни ўтказиб беришга қуйидаги ҳолатларда йўл қўйилади:

- экспорт операциялари бўйича, комиссионерлар (агентлар) томонидан чет элдан олинган ва комиссия шартномаси бўйича комитентнинг ҳисобварағига ўтказиб берилиши лозим бўлган маблағларни ўтказишда;

- импорт операциялари бўйича, комиссионерлар (агентлар) томонидан комитентлардан олинган ва комиссия шартномаси бўйича чет элга ўтказиб берилиши лозим бўлган маблағларни ўтказишда.

Бунда, комиссионерларнинг (агентларнинг) кўрсатган хизматлари учун воситачилик ҳақи фақат миллий валютада ўрнатилиши ва ундирилиши лозим.