Янгиликлар


  • Олтин-валюта захиралари нима дегани ва унинг давлатга қандай фойдаси бор?

    Марказий банкнинг республика олтин-валюта захиралари тўғрисида берган охирги маълумотига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари камайди.

    Ялпи олтин-валюта захиралари 26,4 млрд долларни ташкил этди (сентябрда 26,8 млрд доллар эди). Улардан хорижий валютадаги активлар - 12,4 млрд доллар (бир ой аввал 12,9 млрд доллар бўлган), монетар олтин - 13,9 млрд доллар (сентябрда 13,9 млрд доллар бўлган).

    Соф олтин-валюта захиралари 25,4 млрд долларга тенг бўлиб турибди (бир ой аввал 25,9 млрд доллар бўлган).

    Марказий банк изоҳига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида олтин-валюта захираларининг пасайиши олтин нархининг 1296,50дан 1183,50 долл/тр. унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди.

    Хўш, олтин-валюта захиралари ўзи нима ва унинг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни қандай?

    Давлатнинг расмий захираси

    Олтин-валюта захиралари давлатнинг юқори ликвидлиги билан ажралиб турувчи активларидир. Улар махсус давлат структуралари (давлат ғазнаси ва марказий банклари, АҚШда Федерал захира тизими) томонидан назорат қилинади. 

    Оддий сўз билан айтганда, олтин-валюта захиралари давлатнинг олтин ва бошқа мамлакатлар валюталаридаги расмий захирасидир.  

    Олтин-валюта захиралари нималардан ташкил топади?

    - Олтин-валюта захиралари қимматбаҳо металлар (қуйма олтин, танга, платина, палладий, кумуш) ва қимматбаҳо тошлардан;

    - давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки япон иенаси, фунт-стерлинг);

    - ХВЖ (Халқаро валюта жамғармаси) чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

    Бу пул бирликлари моддий жиҳатдан мавжуд бўлмайди. Бу воситалар ҳукуматнинг махсус ҳисобларида ёзилган бўлади. Улардан халқаро қарзларни узишда, миллий валюта курсини тўғрилашда, ХВЖ билан ҳисоб-китобларда фойдаланилади.

    Шунингдек, ХВЖдаги захира позицияси ҳам мавжуд бўлиб, бу захира миқдори мамлакатнинг ХВЖга кираётганида тўлаган бадал пули миқдорига тенг бўлади. Агарда ХВЖнинг бирор аъзоси пулга муҳтож бўлиб қолса, ХВЖ унга молиявий ёрдам сифатида ўша бадал пулини қайтариб беради. 

    Олтин-валюта захираларини нималарга сарфлаш мумкин?

    Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

    - мамлакатнинг тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;

    - инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олишга;

    - давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;

    - давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва бошқалар учун.

    Олтин-валюта захиралари қандай шакллантирилади?

    Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис, олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

    Мамлакат олтин-валюта захиралари муомаладаги пул миқдоридан сезиларли даражада кўпроқ бўлиши керак. Бу захиралар ташқи қарзларни қайтаришга ва уч ой давомида импорт маҳсулотларни олиб киришга етиши лозим.

    Катта миқдордаги олтин-валюта захираларига эга бўлган йирик давлатлар деярли ҳеч нарсани хорижий банклар ҳисоб рақамларида сақламайди. Улар пул воситалари мамлакат ичида бўлишини ва ишлашини маъқул кўришади.

    Олтин-валюта захираларидан фойдаланиш ва бошқариш уч хил тарзда амалга оширилиши мумкин.

    Захираларнинг эгаси Ғазна ёки Молия вазирлиги ҳисобланади. Олтин-валюта захираларидан қандай фойдаланишни улар ҳал қилади. Марказий банк уларнинг топшириғини бажаради холос. Бундай механизм Буюк Британияда йўлга қўйилган. 

    Марказий банк олтин-валюта захираларининг ягона эгаси бўлади. Захираларни шакллантириш ва ундан қандай фойдаланишни Марказий банк белгилайди. Германия ва Францияда мана шу модел амал қилади.

    Олтин-валюта захираларига эгалик қилиш ва бошқариш ваколатлари Марказий банк ва Ғазна/Молия вазирлиги ўртасида тақсимланади. Бундай тизим Россия, Япония, АҚШда жорий этилган.

    Қайси давлатлар энг кўп олтин-валюта захираларига эга?

    Дунёда олтин-валюта захиралари миқдори бўйича Хитой биринчи ўринда туради. 2018 йил сентябрь ойи ҳолатига кўра, бу давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори 3087 млрд долларни ташкил этади. Иккинчи ўринда Япония (1259,6 млрд доллар), учинчи ўринда Швейцария (800,4 млрд доллар) туради. Кейинги ўринларда Европа иттифоқи (786,3 млрд доллар), Саудия Арабистони (504,5 млрд доллар), Тайвань (460,4 млрд доллар), Россия (459,2) млрд доллар, Ҳонгконг (426,4 млрд доллар), Жанубий Корея (403 млрд доллар), Ҳиндистон (399,6 млрд доллар), Бразилия (380,6 млрд доллар) ва Сингапур (291,3 млрд доллар) жойлашган.

    Бу давлатлар бутун дунёдаги олтин-валюта захираларининг қарийб 75 фоизини сақлайди.

    Олтин-валюта захиралари давлатга нима беради?

    Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширишини кафолатлайди.

    Давлат захиралари билан таъминлаш қатор вазифаларни амалга ошириш имконини беради. Улар жумласига мамлакат валютасини қўллаб-қувватлаш, давлат сиёсатига ишончни сақлаб туриш, пул-кредит воситаларини бошқариш, инқирозли вазиятларда карахтликка тушиб қолмаслик, мамлакатнинг ишончлилик рейтингини ушлаб туриш кабилар киради.

    Миллий валютаси девальвацияга учраши хавфи юқори бўлган мамлакатлар олтин-валюта захираларини барқарор даражада ушлаб туриши лозим. Давлатнинг олтин ва валюта захиралари кескин камайиши иқтисодий пасайишни келтириб чиқариши мумкин.




  • Банкларнинг очиқ валюта мавқеи: қоидаларга тузатиш киритилди

    Марказий банк Бошқарувининг қарори билан Очиқ валюта мавқеини юритиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
     
    Маълумот учун: Содда қилиб айтганда, валюта мавқеи – банк ўз контрагентларидан қарзга олган чет эл валютасидаги сумма билан банк улардан талаб қилишга ҳақли бўлган чет эл валютасидаги талаблар суммаси ўртасидаги нисбат. Ушбу суммалар бир-бирига тенг бўлмаган вазият (дисбаланс) очиқ валюта мавқеи деб номланади. Банкнинг чет эл валютасидаги қарзи талабларидан кўра кўп бўлса, бунга қисқа валюта мавқеи дейилади. Аксинча бўлса – узун валюта мавқеи.
     
    Очиқ валюта мавқеи, айниқса валюталар курси ўзгарган пайтда, тижорат банкларининг молиявий ҳолатига таъсир кўрсатиши сабабли Марказий банк илгари амал қилган лимитларга қўшимча равишда янгиларини жорий этмоқда:

    • барча узун валюта мавқелари жами суммаси бўйича;
    • барча қисқа валюта мавқелари жами суммаси бўйича.
     
    Бунда чет эл валютасининг ҳар бир тури ва очиқ валюта мавқеларининг жами суммаси бўйича очиқ валюта мавқеларининг лимитлари сақланиб қолади. Чегараларнинг аниқ ҳажмлари МБ томонидан алоҳида белгиланади, илгари амал қилган нормативлар ҳужжатдан чиқариб ташланган. Эслатиб ўтамиз, ҳар бир операция куни охирига келиб чет эл валютасининг ҳар бир алоҳида тури бўйича очиқ валюта мавқеи – банк регулятив капиталининг 10%идан, очиқ валюта мавқеларининг жами суммаси эса банк регулятив капиталининг 20%идан ошмаслиги керак.
     
    Назоратни таъминлаш мақсадида МБ тижорат банкларининг баланс счётларини ҳар куни мониторинг қилади.

  • Бизнесга ноқонуний аралашув: маъмурий жарималар 2 баравар оширилди, жиноий санкциялар кучайтирилди

    Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг XVI(1)-боби ва Жиноят кодексининг XIII(1)-бобига киритилган тузатишлар Norma томонидан кўриб чиқилди.

    Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

    Хусусан, тегишли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жарималарнинг аксарияти икки баравар оширилди. МЖТКнинг XVI(1)-бобига кирувчи деярли барча моддаларга, яъни мазкур соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг барча турларига ўзгартиришлар киритилганлигини ҳам қайд этиб ўтиш лозим.

    Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар бу қадар кескин тусда эмас.

    Биринчидан, барча моддаларга тузатишлар киритилмади: ЖКнинг 192(9)-моддаси (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), ЖКнинг 192(10)-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш) ва ЖКнинг 192(11)-моддасидаги (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) санкциялар ўзгармади.  

    Иккинчидан, жиноий-ҳуқуқий санкцияларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар муқобил саналади, яъни содир этилган ҳаракат учун ҳар хил жазо турларини (масалан, жарима ёки озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш) қўллаш имконини назарда тутади. Муайян модда санкциясида ҳар бир турдаги жазо миқдорлари «…дан …гача» табақалаштирилиб кўрсатилади, моҳиятан олганда, унинг энг кам ва энг кўп миқдорлари белгиланади. Ҳар бир далил бўйича алоҳида жазонинг аниқ тури ва миқдори суд томонидан ишнинг ҳолатлари, айбланувчининг шахси, юмшатувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар ва бошқалардан келиб чиқиб белгиланади.  

    Шу муносабат билан қонун чиқарувчи айрим ҳолларда санкцияда назарда тутилган бошқа жазо турларига тегмай, улардан бирининг (масалан, жариманинг) аҳамиятини оширди. Илгари озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилмаган айрим моддаларга мазкур жазо тури жорий этилди. Жазонинг юмшоқроқ турлари (масалан, мажбурий жамоат ишлари) таркибидан чиқариб ташланган санкциялар ҳам мавжуд.

    Шу тариқа, барча ҳолларда тузатишлар билан бизнес юритишга ноқонуний аралашув учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

    Тузатишлар 23.10.2018 йилдан кучга кирди.

  • Миллий чакана тўлов тизими номи ҳақида

  • Мухим!
    «Савдогарбанк»да янги ва қулай омонат турлари

    Чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» акциядорлик тижорат банки тoмонидан юқори фоизли даромад келтирувчи «Кафолатли даромад» муддатли омонат жорий этилди.

  • Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари тўғрисидаги маълумот

    «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта захираларини сақлаш ва бошқариш белгиланган.

    Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

    Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.

    Соф олтин-валюта захиралари тижорат банклари ва давлат бошқаруви органларининг (Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бундан мустасно) Марказий банкда очилган ҳисобварақларидаги валюта маблағларини, яъни Марказий банкнинг ушбу ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини ҳисобга олмайди.

    Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари

    млн.АҚШ долларида

    Кўрсаткичлар 01.01.2018 01.04.2018 01.07.2018 01.08.2018 01.09.2018
    I. Ялпи олтин-валюта захиралари 28 076,9 28 494,0 27 660,5 27 389,9 26 870,8
       1. Хорижий валютадаги активлар 14 042,8 14 517,2 13 818,3 13 597,6 12 927,2
       2. Монетар олтин 14 034,1 13 976,8 13 842,2 13 792,3 13 943,6
    II. Соф олтин-валюта захиралари 26 567,5 27 086,7 26 648,9 26 365,1 25 983,0


    Изоҳ:

    1) Жорий йилнинг январь-август ойларида олтин-валюта захираларининг пасайиши олтин нархининг 1296,50 дан 1206,85 долл/тр.унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди. (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишга таъсири- 970,4 млн.долл.)
    2) Жорий йилнинг август ойида олтин-валюта захираларининг пасайиши олтин нархининг 1219,20 дан 1206,85 долл/тр.унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди. (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишга таъсири - 139,7 млн.долл.)

  • Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиздан 16 фоизгача оширди

    Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини 2018 йилнинг 25 сентябридан 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

    Мазкур қарор сўнгги ойларда юзага келган ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда қабул қилиниб, инфляцион кутилмаларнинг ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучаяётган шароитларда инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган.

    Йиллик инфляция суръатларининг секинлашиб боришига қарамасдан, инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу динамиканинг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши мазкур хатарларни ҳамда инфляцион кутилмаларни пасайишига хизмат қилади.

  • Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиздан 16 фоизгача оширди

    Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини 2018 йилнинг 25 сентябридан 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

    Мазкур қарор сўнгги ойларда юзага келган ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда қабул қилиниб, инфляцион кутилмаларнинг ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучаяётган шароитларда инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган.

    Йиллик инфляция суръатларининг секинлашиб боришига қарамасдан, инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу динамиканинг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши мазкур хатарларни ҳамда инфляцион кутилмаларни пасайишига хизмат қилади.

  • Қайта молиялаш ставкаси ўзгартиришсиз қолдирилди

    2018 йилнинг 28 июль куни Марказий банк Бошқаруви ўзининг навбатдаги йиғилишида қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

    Мазкур қарор истеъмол нархлари ўсиш суръатининг пасайиш тенденциясини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар даврида инфляцион босимнинг кучайиш хавфи сақланиб қолаётганлиги сабабли миллий валютадаги депозитларнинг нисбатан юқори даромадлилигини таъминлашга қаратилди.

    Инфляция. 2018 йилнинг январь-июнь ойларида истеъмол нархлари индексининг ўсиши ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 6,2 фоизни (2017 йилнинг январь-июнь ойларида 7,2 фоиз) ташкил қилди. Мазкур даврда истеъмол нархлари индексининг ойлик динамикаси январь ойидаги 2,7 фоиздан июнь ойига келиб -0,4 фоизгача тушиши, иқтисодиётда нархларнинг пасайиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

    Ушбу даврда инфляция таркибида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда сезиларли ўзгаришлар рўй берди. 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши инфляцияга таъсир кўрсатган асосий омил бўлган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида уларнинг ўсиши икки баробарга секинлашиб 4,6 фоизни, хизматлар тарифлари ошиши эса икки баробарга ошиб 8 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, 2018 йилнинг январь-июнь ойларида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва хизматлар тарифлари ошиши инфляцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар бўлди.

    Нархлар ўсиши умумий динамикасининг пасайишига қарамасдан, тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши ҳамда айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг сезиларли даражада қимматлашуви ҳисобига иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолмоқда.

    Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли истиқболдаги инфляцион кутилмалари пасайиш тенденциясига эга бўлсада, узоқ муддатли истиқболда, аксинча, нисбатан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

    Пул-кредит сиёсати. 2018 йил иккинчи чорагида банклараро пул бозорида фоиз ставкалари банк тизимидаги ликвидлик ҳолатидан келиб чиқиб 12,7-13,1 фоиз оралиғида тебраниб турди.

    Мажбурий резервларнинг янги тартиби ва нормативларининг жорий қилиниши Марказий банк соф ташқи активларининг ўсиши ҳисобига вужудга келган банк тизимидаги ликвидликнинг ошишини олдини олди.

    Молия вазирлиги томонидан Давлат бюджетини мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича ёндашув ликвидлик ва пул массаси ўсиш суръатини маълум бир даражада ушлаб туриш имкониятини берди.

    Кредитлар бўйича реал фоиз ставкаларининг инфляция даражасига нисбатан юқори даражада шаклланишига қарамасдан давлат дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратиш кўламининг ортиб бориши ҳисобига иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари юқори суръатда ошди.

    2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами кредит қўйилмалар қолдиғи ҳажми 21,5 фоизга ошди. Натижада, жорий йилнинг иккинчи чорагида пул массаси ўсиш суръатининг биринчи чоракка нисбатан жадаллашуви кузатилиб, биринчи ярим йиллик якуни бўйича пул массаси 5,8 фоизга ошди.

    Миллий валютадаги депозитларнинг нисбатан юқори даромадлилигини сақлаб туриш бўйича амалга оширилаётган фоиз сиёсати банкларнинг мажбуриятлар таркибидаги жамғарма ва муддатли депозитлар ҳажмининг мос равишда 40 ва 27 фоизга юқори суръатларда ошишига сабаб бўлди.

    2018 йил иккинчи чорагида хорижий валюта таклифининг ортиб бориши шароитида миллий валюта алмашув курси 3,1 фоизга мустаҳкамланди.

    Иқтисодий ва инвестицион фаоллик. Республикамизнинг йирик савдо ҳамкор мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатларининг тикланиши ҳамда асосий экспорт маҳсулотлари учун қулай бозор конъюнктурасининг шаклланиши тўлов баланси ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб борди.

    2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида барқарор иқтисодий ўсиш хизматлар ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ўсиш суръатларининг тезлашиши ҳисобига таъминланди.

    Давлат статистика қўмитасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ички маҳсулот реал ҳажми 4,9 фоизга ўсди.

    Юқори ўсиш суръатлари шунингдек, фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сонининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 7,3 фоизга ёки 20,7 мингтага кўпайишида ҳам намоён бўлди.

    Мазкур даврда капитал қўйилмалар ҳажми 13,4 фоизга ўсди. Олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳажми ва кўлами фаол кенгайишда давом этди (ўсиш 9,7 фоиз).

    Иқтисодиётда кузатилаётган юқори фаоллик шароитида 2018 йил иккинчи ярим йиллигида тадбиркорликни, алоҳида тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилиши иқтисодиётнинг ўсиш суръатига қўшимча туртки бўлиши кутилмоқда.

    Мақсадли дастурлар доирасида кредитлаш ҳажмларининг ошиб бориши, айрим тармоқларда иш ҳақи миқдорларининг қайта кўриб чиқилиши ҳамда тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёнларини давом эттирилиши иқтисодиётда инвестицион ва истеъмол талабини ошириб, қисқа муддатли истиқболда маълум даражада инфляцион босимнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

    Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида иқтисодиётда инфляцион кутилмаларнинг юқорилигича сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, Марказий банк Бошқаруви пул-кредит сиёсатининг амалдаги йўналишини давом эттириш ва қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражада ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилди.

    Марказий банк турли омиллар таъсирида пул-кредит шароитларининг амалдаги ва кутилаётган ўзгаришларини кузатиб боради ва ўз навбатида, юзага келадиган инфляцион хатарлардан келиб чиқиб тегишли чоралар кўради.

    Марказий банк Бошқарувининг қайта молиялаш ставкасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги мажлиси 2018 йил октябрь ойининг иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган.

  • Ўзбекистон Республикасида тўлов тизими тўғрисида маълумот

    Ўзбекистон Республикасида тўлов тизими бўйича қисқача маълумот

    Маълумки, республикада амалда бўлган Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими банк мижозларининг асосан “йирик” тўловларини ялпи (ҳар бир тўловлар бўйича алоҳида) ҳисоб-китоблар асосида қайта ишлаш, шунингдек, Клиринг тизими орқали “чакана” тўловларни тизим аъзоларининг ҳар бир молиявий операциялари бўйича маълум бир давр мобайнидаги йиғилган талаблари ва мажбуриятларининг соф позициясини аниқлаган ҳолда амалга ошириш имкониятини яратади.

    Ўтган даврда Марказий банкнинг банклараро электрон тўлов тизимини такомиллаштириш, тизим аъзолари ва фойдаланувчилари учун илғор технологиялар асосида хизмат кўрсатиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Республика Марказий банки томонидан 2018 йилдан бошлаб янги таҳрирдаги “Ягона вакиллик ҳисобварақлар ҳисоб-китоб маркази” дастурий мажмуаси амалиётга жорий қилинган бўлиб, дастурий мажмуада тўлов ҳужжатларини реал вақт режимида ҳам, «сеанс»лар асосида файл режимида ҳам ишлов бериш механизми ишга туширилди.

  • Янги омонат турлари

                                                                                                             Янги омонат турлари

      Чет эл капитали иштирокидаги “Савдогар” акциядорлик тижорат банкида аҳоли учун жозибадор «Кафолатли даромад» муддатли омонати жорий этилди. «Кафолатли даромад» омонатига йиллик 17% (ўн етти) фоиз  ва йиллик 18% (ўн саккиз) фоиз даромад тўлаш шарти билан қабул қилинади. 

    Омонатчи томонидан ҳар бир ой якунида ҳисобланган фоиз устамаси  олинса омонатга йиллик 17% (ўн етти) фоиз тўланади, ҳар 3 ой якунида омонат  фоизи олинса омонатга йиллик 18% (ўн саккиз) фоиз тўланади.

    Омонатлар 25 (йигирма беш) ой муддатга  қабул қилинади. Омонатнинг энг кам миқдори 1 000 000 (бир миллион) сўм, юқори миқдори чегараланмаган.

  • Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари тўғрисида маълумот (2018 йил 1 апрель ҳолатига)

    «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта захираларини сақлаш ва бошқариш белгиланган.

    Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

    Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.

    Соф олтин-валюта захиралари тижорат банклари ва давлат бошқаруви органларининг (Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бундан мустасно) Марказий банкда очилган ҳисобварақларидаги валюта маблағларини, яъни Марказий банкнинг ушбу ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини ҳисобга олмайди.


    Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари

    млн.АҚШ долларида

    Кўрсаткичлар

    01.01.2017

    01.01.2018

    01.02.2018

    01.03.2018

    01.04.2018

    I. Ялпи олтин-валюта захиралари

    26 428.8

    28 076.9

    28 774.6

    28 336.7

    28 494.0

       1. Хорижий валютадаги активлар

    14 172.3

    14 042.8

    14 775.9

    14 715.4

    14 517.2

       2. Монетар олтин

    12 256.6

    14 034.1

    13 998.6

    13 621.3

    13 976.8

    II. Соф олтин-валюта захиралари

    25 188.3

    26 567.5

    27 250.0

    26 935.1

    27 086.7


  • Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирди

    Марказий банк Бошқаруви 2018 йил 28 апрелдаги йиғилишда кайта молиялаш ставкасини, иқтисодиётдаги мавжуд ва кутилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, йиллик 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

    Истеъмол нархлари ўсиш суръатларининг секинлашишига қарамасдан, инфляция даражасини 2018 йил учун прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлишини таъминлаш бўйича хатарлар сақланиб колмоқда.

  • Онлайн конверсия

    2018 йил 10 апрелдан "Savdogar Mobile" дастури орқали Савдогарбанк пластик карточкасига эга бўлган мижозлар ўз сўм пластик карталаридаги маблағни ҳоҳлаган вақтларида валюта пластик карталарига конверсия қилиш имконига эга бўлишди.

  • Мухим!
    Чет эл капитали иштирокидаги «савдогар» акциядорлик тижорат банки

    Йил якунлари бўйича акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилишини маълум қилади