Микрокредитлар


Кичик тадбиркорлик субъектларини миллий

валютада кредитлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низомга АВ 30.04.2014 й. 2546-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

Муқаддима

I боб. Умумий қоидалар

II боб. Кредитларни расмийлаштириш

III боб. Кредитлаш ва кредитни сўндириш

IV боб. Якуний қоида

1-илова. Аризаларни рўйхатга олиш китоби

2-илова. Маълумотнома

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда), "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 17-сон, 188-модда) ва "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 18-сон, 201-модда) қонунларига мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш тартибини белгилайди.

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда оилавий корхоналар (бундан буён матнда қарз олувчилар деб юритилади) кредитлаш объектлари ҳисобланади.

2. Кредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

3. Кредитлар тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномасига мувофиқ берилади.

4. Кредитлар кредитланаётган тадбирнинг ўзини-ўзи қоплашини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги муддатларга берилади:

қарз олувчи ўз фаолиятини бошлаши учун айланма маблағларни шакллантириш ва инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишга - 12 ой муддатгача;

айланма маблағларни тўлдиришга - 18 ой муддатгача;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш учун айланма маблағларни тўлдиришга - 24 ой муддатгача.

5. Тижорат банклари кредитлар бўйича кредитлашнинг имтиёзли даврини белгилашлари мумкин.

6. Кредитлар қонун ҳужжатларида тақиқланган фаолият турларини амалга ошириш учун ажратилиши мумкин эмас.

7. Қишлоқ хўжалиги корхоналарига давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган ғалла ва пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун кредитлар бериш Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла етиштириш харажатларини тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1675, 2007 йил 14 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 16-сон, 168-модда) мувофиқ амалга оширилади.

8. Кредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори кредит шартномасига мувофиқ белгиланади.

9. Кредитлар илгари олинган кредитларни ёки тижорат банкининг "Кредит сиёсати"да белгиланган бошқа қарзларни қайтариш учун берилиши мумкин эмас.

10. Қарз олувчи олинган кредит суммасини муддатидан илгари қайтаришга ва улардан ҳақиқатда фойдаланилган муддат учун ҳисобланган фоизларни тўлашга ҳақли.

II БОБ. КРЕДИТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

11. Қарз олувчи кредит олиш учун хизмат кўрсатувчи тижорат банкига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза;

қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул тушумлари (пул оқими) прогнози кўрсатилган бизнес-режа;

қарз олувчининг тақдим қилган тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно; (АВ 30.04.2014 й. 2546-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

мазкур Низомнинг 19-бандида назарда тутилган кредит таъминоти турларидан бири.

12. Қарз олувчилар кредит олиш бўйича аризаларни электрон тизим орқали тақдим этиши мумкин.

13. Тижорат банклари қарз олувчиларга кредит беришда кредитнинг умумий суммасида қарз олувчининг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

14. Қарз олувчи бўйича Кредит ахборотининг давлат реестри ва кредит бюроларига тақдим этилаётган кредит ахбороти маълумотлари тижорат банкининг кредит йиғмажилдидаги кредит ахборотига мос бўлиши лозим.

15. Қарз олувчи томонидан зарур ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг, унинг аризаси мазкур Низомнинг 1-иловасида назарда тутилган шаклдаги "Аризаларни рўйхатга олиш китоби"га қайд қилиниши ҳамда бир вақтнинг ўзида қарз олувчига ариза тижорат банки томонидан қабул қилинганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда "Маълумотнома" берилиши лозим. Бунда "Маълумотнома"нинг биринчи қисми тижорат банкида қолдирилади, иккинчи қисми эса, қарз олувчига тақдим этилади. Қарз олувчи "Маълумотнома"нинг биринчи қисмини уни олганлиги тўғрисидаги санани кўрсатган ҳолда имзолайди, ариза электрон тизим орқали қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно.

16. "Маълумотнома"лар тушунарли, тўғри ва аниқ кўринадиган ҳолда тўлдирилиши лозим. "Маълумотнома"даги ёзувларни қисқартиришга йўл қўйилмайди.

17. Қарз олувчиларнинг кредит олиш бўйича электрон тизим орқали қабул қилинган аризалари ҳам "Аризаларни рўйхатга олиш китоби"га қайд қилинади ва аризага "Электрон қабул қилинди" деган белги қўйилади. Бир вақтнинг ўзида қарз олувчига ариза тижорат банки томонидан электрон тизим орқали қабул қилинганлиги тўғрисида электрон шаклда "Маълумотнома" юборилади ҳамда тижорат банкида қолган "Маълумотнома"га унинг электрон шаклда юборилганлиги тўғрисида ёзув киритилади ва сана кўрсатилган ҳолда имзоланади.

18. "Аризаларни рўйхатга олиш китоби" ва "Маълумотнома" рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва Бош банк Раисининг кредитлаш масалалари бўйича ўринбосари ёки ушбу масала бўйича масъул шахснинг имзоси ҳамда Бош банкнинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим.

19. Қарз олувчи томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги таъминот турларидан бири тақдим этилади:

мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови;

тижорат банки ёки суғурта компаниясининг кафолати;

учинчи шахс кафиллиги;

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг тижорат банки фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

таъминотнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турлари.

20. Тижорат банклари ўзлари билан доимий равишда алоқага эга, банк ҳисобварағида мунтазам пул оқими мавжуд, яхши обрў ва кредит тарихига эга бўлган қарз олувчиларга мазкур Низомнинг 19-бандида назарда тутилган таъминот турларидан бирини талаб қилмай бланкли (ишончли) кредит бериш ҳуқуқига эга.

21. "Гаров тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 96-модда) 5-моддасига мувофиқ, ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан, ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.

22. Кредит ҳисобига сотиб олинган мулк ушбу кредит бўйича ўз қийматининг 80 фоизи миқдорида гаров нарсаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Банклар қарз олувчилар томонидан кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида тақдим қилинган мол-мулкни унинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда кредитнинг қайтарилган қисмига нисбатан гаровдан чиқариш ҳуқуқига эга. (АВ 30.04.2014 й. 2546-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)

23. Кредит бўйича тақдим этилаётган кафолат кафилнинг ёзма мажбурияти шаклида расмийлаштирилади.

24. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 2-сонга илова) 292-моддасига мувофиқ, кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак.

25. Кредит йиғмажилдини таҳлил қилиш пайтида тижорат банки томонидан кредит шартномасининг турли жиҳатлари, қарз олувчининг кредит тарихи, унинг раҳбари обрўси (аввалги ишлаган жойлари, илгари олинган кредитларнинг ўз вақтида қайтарилганлиги ва бошқалар) баҳоланади.

26. Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банкининг кредит қўмитаси томонидан ушбу ариза бўйича асослантирилган ҳолда қарор қабул қилиш муддати уч иш кунидан ошмаслиги лозим.

27. Кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда, қарз олувчи ва тижорат банки ўртасида кредит шартномаси тузилади.

28. Кредит шартномаси тузилгандан сўнг, кейинги кундан кечиктирмай тижорат банки раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан кредитнинг муддати, миқдори ва фоиз ставкаси кўрсатилган ҳолда кредит ҳисобварағи очиш тўғрисида бухгалтерияга фармойиш берилади ва ушбу фармойишга асосан кредит ҳисобварағи очилади.

III БОБ. КРЕДИТЛАШ ВА КРЕДИТНИ СЎНДИРИШ

29. Кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисобварағи очиш ва унинг тўлов топшириқномаларига мувофиқ, ушбу ҳисобварақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади. (АВ 30.04.2014 й. 2546-1-сон билан рўйхатга олинган МБ Бошқарувининг Қарори таҳриридаги банд)

30. Қарз олувчига ажратилган кредитлар Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режасининг (рўйхат рақами 773-17, 2004 йил 13 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 32-сон, 369-модда) тегишли баланс ҳисобварақларида ҳисобга олинади.

31. Алоҳида кредит ҳисобварақлари бўйича берилган кредитлар муддатли мажбуриятлар билан расмийлаштирилади, улар тўлиқ сўндирилгунга қадар 91901 - "Қарздорларнинг қисқа муддатли кредитлар бўйича мажбуриятлари" ҳамда 91905 - "Қарздорларнинг узоқ муддатли кредитлар ва лизинглар бўйича мажбуриятлари" баланс ҳисобварақларида ҳисобга олинади.

Кредит бўйича гаров таъминоти сифатида қабул қилинган қимматли қоғозлар 94501 - "Гаров сифатида олинган қимматли қоғозлар", мулклар ва мулкий талаблар 94502 - "Гаров сифатида олинган мулклар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар)", кафолат ва кафилликлар эса, 94503 - "Гаров сифатида олинган кафолат ва кафилликлар" баланс ҳисобварақларида ҳисобга олинади.

32. Кредит бўйича сўндириш муддатлари жадвал кўринишида тақдим этилиши мумкин. Бунда мазкур жадвал сўндириш пул оқимлари истиқболидан келиб чиқиб тузилиши лозим.

33. Қарз олувчининг кредит бўйича ҳисобланган фоизлар ва кредит қолдиғини ундириш учун маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, қарздорлик Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 2342, 2012 йил 15 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 11-сон, 127-модда) белгиланган тартибда ундирилади. Бунда дастлаб кредит бўйича ҳисобланган фоизлар, сўнгра кредит бўйича асосий қарз сўндирилади.

34. Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг муддати давомида доимий мониторинг ўтказади. Мониторинг қарз олувчининг аризаси ва кредит шартномаси шартларини бажариш учун ёрдам кўрсатишга йўналтирилиши керак.

35. Мониторинг ўтказиш жараёнида қарз олувчининг молиявий-хўжалик фаолияти, тузган шартномалари (буюртмалар) бўйича мажбуриятларининг бажарилаётганлиги, ишлаб чиқариш ҳажми, ноишлаб чиқариш харажатлари ва йўқотишлари, фойдаси, айланма маблағлари айланмаси ва динамикаси ҳамда товар-моддий бойликлар захираси ҳолати таҳлил қилиб борилади.

36. Мониторинг давомида қарз олувчининг фаолияти билан боғлиқ барча ижобий ва салбий ҳолатлар, шунингдек тақдим этилган гаров таъминотининг ҳолати қарз олувчи учун тижорат банкида очилган махсус жилдда тизимлаштириб борилади.

37. Қурилишни молиялаш учун берилган кредитлар бўйича амалга ошириладиган мониторинг жараёнида тижорат банки кредит шартномасида белгиланган муддатлар ва шартларда кредит ажратилган объектда бажарилган ишлар ҳажмининг назоратини амалга оширади.

38. Кредитдан белгиланмаган мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, тижорат банки қарздорга келгусида кредит беришни рад этишга ёки кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин қайтариб олишга ҳамда шартномада белгиланган шартлар асосида жарима белгилашга ҳақлидир.

39. Қарздор кредит бўйича асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизларни шартнома шартлари асосида тўлашдан ёки гаров шартномаси шартлари асосида гаров мулкини тижорат банки тасарруфига беришдан бош тортган ҳолларда, тижорат банки томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган чоралар кўрилади.

Қарз олувчининг гаров таъминоти кредит бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни қайтаришга етмаган тақдирда, тижорат банки мазкур қарзни қайтаришни қарз олувчининг ликвидли мол-мулки, жумладан ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари, транспорт воситалари, компьютер ҳамда ташкилотларнинг бошқа ликвидли активлари ҳисобига Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабрдаги 422-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 23-сон, 186-модда) билан тасдиқланган Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартибига мувофиқ амалга ошириши мумкин.

IV БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Низомга

1-ИЛОВА

 

                                       _________________________________________________                                                               _______________________________________________

(тижорат банкининг номи)                                                                                                                          (филиалнинг номи)

Аризаларни рўйхатга олиш

КИТОБИ

(201__ йил учун)

    


Т/рАриза тақдим этган кичик тадбиркорлик субъектининг номи Ариза рақами ва санаси Аризанинг қисқача мазмуни (кредит мақсади, муддати, суммаси, фоиз миқдори, манбаси, таъминот тури) Берилган маълумотно- манинг рақами ва санаси Кредит қўмита томонидан қабул қилинган қарорнинг рақами ва санаси Берилган ёзма жавоб хатининг рақами ва санаси Ажратил- ган кредит миқдори ва санаси Банк масъул ходими- нинг имзоси

1 2 3 4 5 6 7 8

       

       

      

Низомга

2-ИЛОВА


      МАЪЛУМОТНОМА _____-сон

________________________ ________________________

(тижорат банкининг номи)        (филиалнинг номи)

201__ йил "___" ____________да _____________________нинг

(кичик тадбиркорлик субъектининг номи)

кредит олиш бўйича аризаси "Аризаларни рўйхатга олиш китоби"да 201__ йил "___" ___________да ___-сон билан рўйхатга олинди ва кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

_______________________________________________________

(кредит мақсади ва суммаси)

_______________________________________________________.

(кредит мақсади ва суммаси)

Аризага илова қилинган ҳужжатлар рўйхати:

1._____________________________________________________

2. _____________________________________________________

3. _____________________________________________________

4. _____________________________________________________

___________________________ __________ _______________

(масъул ходимнинг Ф.И.О)        (имзо)               (сана)

Маълумотномани олдим: _______ ________________________

(имзо) (кичик тадбиркорлик субъектининг номи)

Сана: 201__ йил "___" ___________.

       

     

МАЪЛУМОТНОМА _____-сон

_________________________ _________________________

(тижорат банкининг номи)          (филиалнинг номи)

201__ йил "___" __________да ______________________нинг

(кичик тадбиркорлик субъектининг номи)

кредит олиш бўйича аризаси "Аризаларни рўйхатга олиш китоби"да 201__ йил "___" ___________да ___-сон билан рўйхатга олинди ва кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

______________________________________________________

(кредит мақсади ва суммаси)

______________________________________________________.

(кредит мақсади ва суммаси)

Аризага илова қилинган ҳужжатлар рўйхати:

1.___________________________________________________

2. __________________________________________________

3. __________________________________________________

4. __________________________________________________

___________________________ __________ ______________

(масъул ходимнинг Ф.И.О)        (имзо)               (сана)

Маълумотномани олдим: _______ ______________________

(имзо) (кичик тадбиркорлик субъектининг номи)

Сана: 201__ йил "___" ___________.

      


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 30 декабрь, 52-сон, 711-модда