Таълим кредити


Олий ўқув юртларида тўлов-контракт

асосида ўқиш учун таълим кредитлари

бериш тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низомга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

ЎзР ВМ 01.03.2007 й. 43-сон Қарори,

ЎзР ВМ 08.05.2007 й. 95-сон Қарори,

ЎзР ВМ 24.03.2010 й. 52-сон Қарори

I. Умумий қоидалар

II. Кредитни расмийлаштириш тартиби

III. Кредит бериш, кредитни қайтариш ва

фоиз тўловларини амалга ошириш тартиби

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш ва уларни қайтариш тартибини белгилайди.

2. Тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш уларни қайтариш, тўловнинг таъминланганлиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади.

3. Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига, (шундан кейин матнда "Қарз олувчи" деб аталади) берилиши мумкин.

4. Таълим кредитлари, Олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.

5. Мазкур Низомга мувофиқ тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари бўйича:

чин етимларга, "Меҳрибонлик уйлари"да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига  ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);

талабаларнинг қолган тоифаларига  Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари белгиланади.

Таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси ва тижорат банклари томонидан қўшиладиган фоизлар учун тўловлар миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин, бу кредит шартномасида қайд этилиши керак.

6. Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда "Жамғарма" деб аталади) маблағларидан тўланади. (ЎзР ВМ 24.03.2010 й. 52-сон Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

Кўрсатиб ўтилган имтиёзга ҳуқуқли бўлган оилалар Кам таъминланган оилаларни ҳисобга олиш ва уларга моддий ёрдам тайинлаш ва беришнинг амалдаги тартибига мувофиқ (Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 24 августдаги 434-сон қарорига илова) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аниқланади.

7. Таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш таълим муассасасига ўтказилган сумма берилган вақтдан, асосий қарзни қайтариш эса талаба томонидан олий таълим муассасасида ўқишнинг таълимнинг ушбу тури учун расмий белгиланган муддати тугаллангaндан сўнг, айрим курсларда такроран ўқиш муддати ҳисобга олинмасдан, уч ой ўтгандан сўнг бошланади.

Талаба муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган даврда таълим кредитлари учун фоиз ставкалари ҳисобланмайди.

8. Таълим кредитлари, қоидага кўра, қарз олувчи яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банклари муассасалари томонидан берилади.

II. КРЕДИТНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ТАРТИБИ

9. Таълим кредитини олиш учун қарз олувчи тижорат банкигa қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;

б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт). Контрактда ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Ўқиш учун тўлов миқдори кейинги йилларда ўзгарган ҳолларда контрактларга тегишли ўзгартиришлар киритилади, бу ҳақда олий таълим муассасаси ўн кун муддатда банкка ёзма равишда маълум қилади, сўнгра қарз олувчи, банк ва олий таълим муассасаси ўртасидаги кредит шартномасига зарур ўзгартиришлар киритилади;

в) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қарз олувчининг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома; (ЎзР ВМ 01.03.2007 й. 43-сон Қарори таҳриридаги кичик банд)

г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;

д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, "Меҳрибонлик уйлари"да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Қaрз олувчи юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан айни бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.

10. Олинган кредит қайтарилмаслиги хавфининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиши лозим, унинг амалга оширилиши унга қўйилган асосий талаб ҳисобланади:

мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;

банкнинг кафолати;

учинчи шахснинг кафиллиги;

суғурта компаниясининг қарз олувчи кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (фақат чин етимлар ва "Меҳрибонлик уйлари"да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалардан чиққанлар учун).

11. Банк қарз олувчи томонидан кредит олиш учун тақдим қилинган ариза ва бошқа ҳужжатларни ўрганиб чиқади.

Агар кредитни қайтариш таъминланиши сифатида кафолат ёки кафиллик шартномаси тақдим қилинган бўлса, банк гарант ва кафилнинг молиявий аҳволини баҳолайди.

Агар кредитни қайтариш таъминланиши сифатида мол-мулк ёки қимматли қоғозлар қўйилган бўлса, банк уларнинг бозор нархларини аниқлайди.

12. Агар тақдим этилган ҳужжатлар банк талабларига жавоб берса, банк, қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида кредит шартномаси тузилади.

13. Кам таъминланган оилалардан чиққан талабаларнинг ўқиши учун таълим кредитлари бериш учун ҳар бир томоннинг мазкур Низомдан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган ҳолда банк, қарз олувчи, олий таълим муассасаси ва Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси ўртасида кўп томонлама кредит шартномаси тузилади.

14. Тижорат банклари қарз олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган тўла ҳужжатлар тўпламини 10 иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва кредит шартномасини имзолаши ёки  кредит берилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ёзма хулоса бериши лозим.

III. КРЕДИТ БЕРИШ, КРЕДИТНИ ҚАЙТАРИШ

ВА ФОИЗ ТЎЛОВЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ

15. Таълим кредити қарз олувчининг ссуда ҳисоб рақамидан унинг шахсий ёзма топшириғи асосида олий таълим муассасасининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамига маблағ ўтказиш йўли билан берилади.

16. Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун биринчи ярим йилликда ўқиганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун  навбатдаги календарь йилнинг 15 мартигача тўланади.

Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб кредит ҳисобига тўловлар ҳар ярим йиллик биринчи ойи (сентябрь ва март)нинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

17. Фоизлар қарз олувчи томонидан кредит шартномасида қайд этилган шартларда тўланади.

Кам таъминланган оилалардан чиққан талабаларнинг ўқишига таълим кредитлари учун фоизлар қарз олувчи ва Жамғарма томонидан ҳар ойда, ҳисобланган фоизлар суммасининг 1/2 қисми бўйича тенг улушларда тўланади.

Жамғарма ҳисобланган фоизлар суммасини тўлов топшириқномаси билан банк билдиришномаси олингандан кейин уч иш куни мобайнида ўтказади.

18. Таълим кредити берилгандан сўнг банк кредит таъминланиши бўйича шартномада кўрсатилган тартибда мониторинг олиб боради.

19. Агар талаба ўқиш даври тугамасидан талабалар сафидан чиқарилса, таълим муассасаси раҳбарияти ректор (директор)нинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида банкка хабар бериши керак, қарз олувчи эса ўз навбатида уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши лозим.

Талабанинг талаба сафидан чиқарилиши олий таълим муассасаси томонидан банкка ўз вақтида маълум қилинмаган тақдирда, таълим муассасаси ушбу давр учун ҳисобланган фоизларни банкка тўлашга мажбур.

Ушбу шартлар банк, қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида тузиладиган кредит шартномасида aкс эттирилиши керак.

20. Таълим кредитлари кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтарилмаган тақдирда, банк гаров тўғрисидаги шартномага мувофиқ ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кредитни таъминлаш объектини тасарруф этиш йўли билан кредит бўйича қарз суммасини ундириб олади. Агар кредитнинг қайтарилишини таъминлаш сифатида таъминлашнинг бошқа шакллари тақдим этилган бўлса, банк белгиланган муддатда қайтарилмаган таълим кредитини улар ҳисобига ўз вақтида қайтарилиши чораларини кўриши керак.

21. Қарз олувчи кредитни кредит шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтаришга ҳақлидир.